23.02.2015

Хатоларсиз ёза оласизми...

Блогдаги маълум вақтлик сукутдан сўнг яна бир ўхшаса агар «блог» ёзишга ҳаракат қилдим.

Facebook ижтимоий тармоғида аввалроқ баткенлик (Қирғизистоннинг Баткен вилояти) ўзбек ёшлари орасида қаерда яшаётганини билмайдиганлар бор деган маънода пост қўйгандим. Менга нисбатан бир қанча салбий фирклар бўлди. Уларга, мен айтган гапимни асослашга ҳаракат қилмадим ва постни ўчирдим, ўз хоҳишим билан. Балки нотўғри гапиргандирман деб ўйладим. Лекин бу гапимга асослар бор, етарлича. Махфийлик нуқтаи назаридан буни исботловчи манбаларни чиқармадим.


Мана қарийб бир йилга яқин уяли алоқа операторларидан бирида оператор бўлиб ишлаябман. Баҳоли қудрат у ердаги хато камчиликларни тўғрилашга ҳам ҳаракатлар бўлмоқда. Мен тўхталмоқчи бўлган нарса бу эмас. Бу, бизнинг айни ёшларнинг савияси.

Иш вақтим ўқишдан кейин бошланади. 7 соат давомида одамлар билан сухбатлашаман. Тахминан 150 - 200 абонент билан. Турли хил саволлар, қийинчиликлар ва ҳоказо. У ерда бўладиган саволларни эшитиб юртимиздаги ёшларнинг ўртача савия шу бўлса керак деб ўйланаман ва ўзимизни ўзбеклар учун куйинаман, вақт ўтгач ёддан кўтарилади.

Анчагина вақтдан буён ижтимоий тармоқларда диққатимни тортаётган нарса пост ёки Youtube'даги видеолар остида қолдирилган изоҳлар. Уларни ўқиб ростдан ачинаман. Нимага бунчалар тубанмиз. Рус тилида ёзиладиган изоҳлар тўғри ёзилади, нима учун бизни ўзимизни ўзбекзабон фойдаланувчилар ҳамма ерда хатолар билан ёзишади? Ўқимаганмиз, ўрганишни хоҳламаймиз, ялқовмиз ва энг ачинарлиси қалоқмиз, ҳа қалоқ. Facebook'даги «атмосфера» бир сўз билан айтганда «яхши». Одноклассники, WhatsApp ва Mail Agent (фойдалаётганлар бор ҳалигача) у ердаги айнан танишиш учун фойдаланаётган қиз ва йигитлар орасида ўзбек тилини аҳволи жуда оғир, "хўрланган" деб айтсак ҳам муболаға бўлмайди, сабаби эса оддий. Уларни ёзишма матнини ўқисангиз сочни тикка қиладиган даражада.

Хатосиз ёзишга қачон ўрганамиз? Жавоби мавҳумлиги бўйича қолмоқда. Келинг, дўстларимиз, яқинларимизни имкон қадар тўғри ёзишга чақирайлик. Ҳеч бўлмаса ўзимиз сухбатлашиб турган, бизга мерос бўлиб қолаётган ушбу гўзал она тилимизда хатоларсиз ёзайлик. Агар тўғри ёзсак, ёзган матнларимиз агар кирилл алифбосида бўладиган бўлса нур устига аъло бўлган бўларди. Ўзимизга ярашган кийимни танлаб кийганимиз каби ўзбек тилини ҳам кирилл алифбосида ёзишимиз, хатоларсиз ёзишимиз - бу тилимизнинг кўрки. Ўзбек тилидаги кирилл/лотин алифбоси эса бошқа мавзу.

Сиз, хатоларсиз ёза оласизми? У ҳолда бошқаларни ҳам хатосиз ёзишга чорланг.

Беминнат вақтингизни аямай ўқиганингиз учун миннатдорман!

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Izoh qoldirish joyi...